Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида вилоятдаги 792 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти қайта тикланди ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан улардаги 5,3 миллиард сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси «Газета.uz"га хабар берди.

Маълумки, солиқ тизимидаги ўзгаришларга асосан, жорий йилнинг 1 апрелига қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар ва 2018 йил 1 апрелдан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ёки фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларнинг мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар ҳамда молиявий жарималар бўйича қарздорлиги ҳисобдан чиқарилаяпти.

— Қатъий белгиланган солиқлар ва молиявий жарима бўйича тўпланиб қолган қарзларимни тугатиш чорасини кўра олмай келаётган эдим, — дейди тадбиркор Дилмурод Абдулазизов. — Соҳа вакилларига давлатимиз томонидан берилаётган бундай имтиёз, солиқдан бўлган қарзим кечилишини эшитиб, бошим кўкка етди ва шу куннинг ўзидаёқ фаолиятимни қайта тикладим. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан менинг 273,1 миллион сўмлик солиқ қарзларим ҳисобдан чиқарилди.