2019 йил февралида Ўзбекистон ва БМТ Тошкентда «Марказий Осиё — минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятлари ва истиқболлари» мавзусида конференция ўтказади, дея хабар қилди ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов душанба куни.

29 октябрь куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари стратегик тадқиқотлар марказлари вакиллари иштирокидаги экспертлар форумининг биринчи мажлиси очилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти ва БМТнинг Марказий Осиё учун огоҳлантирувчи дипломатия Минтақавий маркази томонидан ташкил этилди.

Дилшод Ахатовнинг сўзларига кўра, конференция ишида Марказий Осиё, Россия, Хитой, АҚШ, Европадан таниқли таҳлил марказлари экспертлари, халқаро сиёсатчилар ва олимлар, шунингдек етакчи халқаро ташкилотлар ва молия тузилмалари вакиллари иштирок этади.

БМТ бош котибининг махсус вакили, Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази раҳбари Наталья Герман конференция, ўз навбатида 2019 йил мартида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашуви кун тартиби учун таклифларни ишлаб чиқишга имкон беришини таъкидлаб ўтди.

Мартда Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи консультатив учрашуви бўлиб ўтган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида минтақа давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди.