Марказий банк Бошқарувининг қарори (2018 йил 25 октябрда 1948−16-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Биринчидан, банклар томонидан банк ҳисобварағини очиш ва унга хизмат кўрсатиш чоғида тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлашни талаб этиш тақиқланди.

Тадбиркорлик субъектида муҳр мавжуд бўлган тақдирда ҳам ушбу тақиқ қўлланилади. Тадбиркорлик субъектлари турлари (якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, йирик бизнес) бўйича ҳам фарқланмайди.

Энди ҳужжатлар айланмасида фақат имзолар намуналари қўйилган варақчалардан (илгари — имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчалар) фойдаланилади. Тадбиркорлик субъектлари ва улар сирасига кирмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар учун варақчаларнинг янги намуналари тасдиқланди.

Иккинчидан, таъсисчилари Ўзбекистон резиденти — жисмоний шахслардан иборат бўлган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида миллий ва чет эл валютасидаги банк ҳисобварағини масофадан туриб очишлари мумкин.

Банк ҳисобварағини очишда банк ҳисобварағи шартномаси офертасини акцептлаш (яъни банк таклиф этаётган шартларга сўзсиз розилик бериш) йўли билан тузилади.

Шу билан бирга юридик шахслар фақат имзолар намуналари қўйилган варақча (2 нусхада), шунингдек биринчи ва иккинчи имзо эгаларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан кейингина тўловларни амалга оширишлари мумкин. Банк ходимлари шахсий ҳужжатлардан нусха олиб, аслини қайтариб берадилар.