Бразилияда бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи тури якунлари бўйича Социал-либерал партия раҳбари, ультраўнгчилар вакили Жаир Мессиас Болсонаро 55 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди, дея хабар қилди Euronews.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бразилия президенти лавозимига сайлангани муносабати билан Жаир Болсонарога табрик йўллади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Болсонаронинг рақиби, сўл Меҳнаткашлар партияси вакили Фернанду Аддад 45 фоизга яқин овоз тўплаб, рақибидан қарийб 11 фоиз ортда қолди.

Янги давлат раҳбари инаугурацияси 1 январда бўлиб ўтади, президентлик мандати тўрт йилни ташкил этади.

BBC Рус хизматининг маълум қилишича, 63 ёшли Жаир Болсонаро — 1985 йилдан сўнг ҳокимиятга келган биринчи ўта ўнгчи сиёсатчи ҳисобланади. Сайловолди кампаниясида Болсонаро бир неча марта АҚШ президенти Дональд Трамп унинг кумири ва унга ўхшашга ҳаракат қилишини таъкидлади.

Болсонаро ўқ отар қуролларга эркин эгалик қилишга бўлган чекловни бекор қилиш тарафдори. У бразилияликлар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва мамлакатни порахўр сиёсатчилардан тозалашни мақсад қилган.