Ўзбекистон Бадминтон федерацияси янги спорт иншоотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Бадминтон федерацияси раиси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов ҳамда қатор вазирлик ва спорт федерациялари раҳбарлари, таниқли спортчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Янги қуриб фойдаланишга топширилган мажмуада 5 та бадминтон корти, 100 ўринли ётоқхона, кийиниш хоналари, тиббиёт хонаси, назарий билимлар учун мўлжалланган хоналар ва мураббийлар хонаси мавжуд.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Азиз Абдуҳакимов президент томонидан бадминтон спорт турини юртимизда оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, ушбу спорт мажмуаси ҳам давлат раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилганлигини айтди. Шунингдек, бадминтон жаҳонда оммавийлиги бўйича футболдан кейинги ўринда туриши, барча ёшдаги инсонлар саломатлиги учун фойдали машғулот эканлиги ҳақида гапириб, юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш ва ривожлантириш кенг кўламли ишлар амалга оширилишини маълум қилди.

Шундан сўнг, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби сўзга чиқиб, спортчиларнинг ушбу спорт тури бўйича қўлга киритган ютуқлари, Ўзбекистонда бадминтонни янада оммалаштириш бўйича келгусидаги режалар ҳақида гапириб, бадминтон ишқибозларини ушбу иншоот билан қутлади.

Сўнгра, ёш бадминтончиларнинг ўзларининг кўргазмали ўйинларини намойиш этишди.

Якунда Бош вазир ўринбосари бадминтонни фаол тарғибот қилаётган оммавий ахборот воситалари ходимларига эсдалик учун бадминтон ракеткаларини совға қилди.