29 октябрь куни Ўзбекистонга Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғилистон билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле-Петерсе бошчилигидаги депутатлар гуруҳи келади, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ташриф доирасида Тошкентда «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлик қўмитасининг 14-мажлиси бўлиб ўтади.

Шунингдек, ташқи ишлар, иқтисодиёт, бандлик ва меҳнат муносабатлари, олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмитада учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш кутилмоқда.