Термизда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда ёш тадбиркор Олим Саппаров ҳамкорлигида 8 та ақлли бекат қурилиб, жиҳозланди, дея хабар қилди ЎзА.

Мазкур бекатларда кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, «Фуқаро — тезкор ёрдам хизмати» фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоғи, видео назорати ҳамда USB электр тармоғи нуқталари, банк тўлов терминали ўрнатилган.

Бекатлар ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш имконияти ҳам мавжуд. Аҳоли таклиф ва истаклари асосида янги бекатлар шаҳар телефон тармоғига ҳам уланган.

Замонавий жиҳозланган ҳар бир бекатга ўрнатилган қуёш электр энергияси панеллари бекатнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр қуввати билан таъминлайди. Бекатларнинг 30 фоиз қисми савдо-сотиқ ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари учун мўлжалланган. Қизиқарли китоб фондига эга кутубхоналар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Орқа ва ён модуллари уяли поликарбонатли устунлардан иборат инновацион бекатлар ламинатланган ўриндиқлар билан жиҳозланган. Ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида унинг ички томонига иқлимни назорат қилувчи мослама ўрнатилган.

«Бекатларимиз инновацион ойналар билан жиҳозланган, — деди тадбиркор Олим Саппаров.-Тунда улар катта экран вазифасини ўтайди. Экранларда ижтимоий ва тижорий реклама роликларини намойиш этмоқдамиз. Уларни бекат ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам бемалол томоша қилиш мумкин. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун имтиёзли кредит маблағи олганмиз. Мазкур кредитни бекатлардан олинадиган даромад эвазига қоплаб борамиз».

Яқин келажакда Сурхондарё вилояти марказида яна қирқдан ортиқ ақлли бекат қурилиб, ишга туширилади.