Жорий йил сўзига қадар Ўзбекистонда журналистлар одоб-ахлоқ кодекси қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган «ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари» мавзусидаги давра суҳбати якунлари бўйича хабар қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур давра суҳбатида асосий эътибор Ўзбекистон журналистларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокамасига қаратилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхоналари, «Регионал диалог» халқаро ташкилоти, Буюк Британия элчихонаси вакиллари, ахборот соҳаси мутахассислари, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

«Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиш биз учун жуда муҳимдир. Дунёнинг ривожланган давлатларида журналистларнинг профессионал касб этикаси кодекслари мавжуд ва уларда барчамиз учун муҳим бўлган қоидалар акс этган. Шу ўринда журналистик фаолият этикаси юридик меъёр эмаслигини алоҳида қайд этиш лозим. У медиа муҳитда қабул қилинадиган ва жамоатчилик фикри билан қўллаб-қувватланадиган маънавий-ахлоқий йўриқнома ҳисобланади», — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.

Кодекс лойиҳаси Ўзбекистондаги бир қатор медиа тузилмалари томонидан журналистлар ва соҳа экспертлари, фуқаролик институтлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида ишлаб чиқилган. Унда Конституциямиз ва амалдаги қонунчилик, миллий менталитет ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар, хусусан, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси», «Халқаро журналистика профессионал этика тамойиллари», «Халқаро журналист ахлоқи тамойиллари декларацияси» каби ҳужжатлардаги асосий тамойиллар ҳисобга олинган.

Тадбирда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари хориж амалиётида журналистларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши борасидаги мавжуд тажрибалари билан иштирокчиларни таништирди, таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ кодекси лойиҳасини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ муҳокамага қўйиш, унда билдирилган таклиф ва тавсиялар эътиборга олинган ҳолда кодексни жорий йил якунига қадар қабул қилиш, унинг амалиётдаги ижросини назорат қилувчи жамоатчилик кенгашини тузишга келишиб олинди.