Иорданияда кучли ёмғир вақтида сув оқими мактаб автобусини олиб кетди, 18 киши ҳалок бўлди, яна 35 киши жабрланди, дея хабар қилди The Jordan Times газетаси.

Фуқаро мудофааси департаменти маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги — 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ва уларни олиб кетаётганлар. Улар Ўлик денгиз яқинидаги Зарка-Маин иссиқ сув манбалари зонасига экскурсияга кетаётган бўлган. Автобусда жами 44 киши, жумладан 37 бола бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас, яъни ҳодиса жойида дам олаётган оилалар ҳам бўлиши мумкин.

Қутқарув операцияларида 2000 га яқин ҳарбий хизматчилар, вертолётлар ва бир қанча қайиқлар қатнашмоқда. Ҳодиса жойига мамлакат бош вазири Омар Раззаз ташриф буюрди.

Petra агентлигининг хабар қилишича, Иордания қироли Абдалла II фожиа муносабати билан Баҳрайнга режалаштирилган сафарини бекор қилди.