Ҳукумат қарори билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология маркази ташкил этилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги Telegram-каналида.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар Халқаро марказ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишларидан этиб белгиланди:

  • ультразамонавий биологик микрочипларни қўллаш орқали аллергик касалликларни диагностика қилиш соҳасида инновацион технологияларни ривожлантириш, шунингдек, шу каби касалликларни даволаш ва профилактика қилиш;
  • аллергик касаллик ҳақида жамланган маълумотлар, аллерген турлари, шошилинч ҳолатларни ривожланиш риски тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи «аллергик паспорт» яратиш;
  • молекуляр аллергология соҳасида фаолият юритаётган ёш олимлар ва хорижлик экспертларни ҳамкорликка жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Халқаро марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази, Иммунология ва инсон геномикаси институти ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Тошкентдаги Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази ҳамда Доктор Максудова инновацион клиникасига иккита гулчанги қопқони ўрнатилган эди. Ушбу қопқонлар гуллаган ўсимликларнинг чангларига бўлган аллергияни назорат қилиш имконини беради.