Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи ва айни пайтда Сурия давлатида фаолият юритаётган «Котибатул Имом-ал Бухорий» ва «Котибатул Тавҳид ва Жиҳод» халқаро террористик ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул шахслари бўлган бир нечта ҳамюртимиз хорижий давлатда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Ушланган шахслардан бири Суриядаги «Котибатул Имом-ал Бухорий» террористик ташкилоти раҳбари бўлган. У 1984 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, Ўзбекистон фуқароси. 2009−2010 йилларда Сурхондарё вилоятида яширин фаолият юритган «Жиҳодчилар» жамоатининг аъзоси бўлган. 2011 йилда Россия, Туркия орқали Сурия давлатига чиқиб кетган ва қўпорувчилик амалиётлари бўйича тайёргарликдан ўтган.

Иккинчи фуқаро Суриядаги «Котибатул Имом-ал Бухорий» террористик ташкилотини молиялаштириш, янги аъзоларни ёллаш ҳамда олиб келиш ишларига масъул бўлган. У 1985 йил Андижон вилоятида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси. 2014 йил Сурияга бориб, қўпорувчилик амалиётлари бўйича тайёргарликдан ўтган.

Яна бир фуқаро эса, 2015 йилда «Котибатул Тавҳид ва Жиҳод» ташкилотига қўшилган ва унинг янги аъзоларини Туркияда кутиб олиш, Сурияга ўтказиш ишларига масъул бўлган. У 1993 йил Наманган вилоятида туғилган, Ўзбекистон фуқароси. 2011 йил Покистон орқали Афғонистонга бориб, «Ислом жиҳоди иттифоқи» террористик ташкилотига аъзо бўлган ва қўпорувчилик амалиётлари бўйича тайёргарликдан ўтиб, ҳукумат қўшинларига қарши жангларда фаол иштирок этган.

Мазкур фуқаролар хорижда сохта ҳужжатлар билан юрган ва ўзларини уйғур миллатига мансуб, деб таништиришган.

Бундан ташқари, ДХХ ходимларининг саъй-ҳаракати билан «Котибатул Тавҳид ва Жиҳод» террористик ташкилотининг аъзоси бўлган бошқа бир фуқаро ҳам хориждан Ўзбекистонга олиб келинди.

Бу шахс «Котибатул Тавҳид ва Жиҳод» террористик ташкилотининг моддий таъминоти учун пул йиғиш, шунингдек, янги аъзоларни ёллаш ҳамда Сурияга юбориш билан фаол шуғулланган. У 1990 йил Сирдарё вилоятида туғилган, Ўзбекистон фуқароси.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.