24 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Меning fikrim» веб-портали орқали келиб тушган «Вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида"ги электрон жамоавий мурожаат кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу мурожаат «Меning fikrim» веб-порталига 27 апрель куни жойлаштирилган бўлиб, бугунга қадар 10 мингдан зиёд овоз тўплади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Расул Кушербаевнинг ўз Telegram-каналида ёзишича, мажлисда маълумот сифатида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини қўллашга ва светофорларга оид амалдаги давлат стандартлари 1986 ва 1991 йилларда қабул қилингани, бугунги кунда йўл ҳаракатини тартибга солинишини тўлиқ таъминлай олмаётганлиги билдирилди.

«Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда серқатнов чорраҳалардаги транспорт ва пиёдалар светофорларини вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган транспорт ва пиёдалар светофорларига босқичма-босқич алмаштириш бўйича тегишли идоралар ва ҳокимликлар билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янгиланган „Йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари“, „Светофорлар“ стандартларини илғор ҳорижий ва халқаро тажрибани инобатга олиб ишлаб чиқиб тасдиқлаши кераклиги бўйича топшириқлар берилган қарор қабул қилди», — деб ёзади депутат.