Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Тошкент ва Тошкент вилоятида ҳар қандай қийматдаги янги қурилган уйлардан сотиб олган тақдирда, доимий пропискага эга бўлади. Вазирлар Маҳкамаси 22 октябрь куни тегишли қарорни қабул қилди, дея хабар берди Norma.uz.

Ўтган йилнинг ёзида ўрнатилган қиймати энг кам иш ҳақининг 2500 баробаридан кам бўлмаган кўчмас мулкларни харид қилиш бўйича чеклов олиб ташланди. Чет эл фуқаролари эса, қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, 3300 ЭКИҲ тўлашларига тўғри келади. Турар жой учун ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш тартиби ҳам сақланиб қолди.

Янги қурилган уйда кўчмас мулк сотиб олган харидорлар кўчмас мулк эгаси сифатида Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш учун ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Янги қурилган уй жой деганда мулкка эгалик ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган бино, турар жойни фойдаланишга топширишга қабул қилиш тўғрисидаги комиссия актини тасдиқлаш ҳақидаги қарори асос бўлади. Бунда бинонинг фойдаланишга топширишга қабул қилиш муддати уч йилдан ошмаслиги талаб этилади.