Самарқанд шаҳрида 26 нафар фуқаро хот-догдан заҳарланиш оқибатида касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» вазиятдан хабардор манбаларига таяниб маълум қилди.

Манба берган хабарга кўра, мурожаат қилганлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Айни пайтда беморларга керакли муолажалар қилинмоқда.

Беморларнинг баъзилари аҳволи нисбатан оғир экани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, беморлар шаҳарнинг Сартепо массивида жойлашган Туризм коллежи яқинидаги фаст-фуд таомлар тайёрлайдиган тамаддихонасида хот-дог истеъмол қилган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли органлар суриштирув ишларини олиб бормоқда.