Тошкен давлат иқтисодиёт университетида 22 октябрь куни Австрия амалий фанлар университети (IMC University Krems) билан ҳамкорликда ташкил этилган мамлакатдаги биринчи Ўзбекистон-Австрия қўшма факультети очилиши бўлиб ўтди.

Маросимда иштирок этиш учун Тошкентга университет бош ижрочи директори профессор Карл Эннсфеллнер бошчилигидаги делегация етиб келди, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Қўшма факультет 2019 йилдан «экспортга ихтисослашган менежмент» ҳамда «Туризм ва кўнгил очиш масканлари менежменти» йўналишлари бўйича 100 нафар бакалаврни тайёрлашни бошлайди.

Шартномага кўра, талабалар магистратурада «Халқаро бизнес ва экспортни бошқариш», «Рақамли бизнес инновацияси ва трансформация» мутахассисликлари бўйича таҳсил олиши мумкин бўлади.

Таълим инглиз тилида олиб борилади ва битирувчиларга бирданига иккита — ТДИУ ва IMC University Krems дипломи берилади.

IMC University Krems 1994 йилда хусусий Халқаро бизнес мактаби сифатида ташкил этилган. 2002 йил апрелида Австрия ҳукумати муассаса мақомини ошириб, уни Австрия амалий фанлар университети деб номлади.

Бугунги кунда IMC University Krems таълим жараёни ва инглиз тилида ўтилаётган фанлар сони кўплиги билан талабаларни қаноатлантирувчи Австрияда биринчи ўринда турувчи университет ҳисобланади. Таълим якунига етганидан сўнг ишга жойлашиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этади.