Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ходимларидан бир нечтаси ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда. Бу ҳақда Turon24 ахборот агентлигига вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги ахборот манбасига таяниб хабар қилди. «Газета.uz"нинг Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги ахборот манбаси ҳам ушбу хабарни тасдиқлади.

Қўқон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳардаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизларнинг номусига тегилгани юзасидан тергов бошланган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида саломатлигида ва хулқида нуқсони бор ўқувчилар таҳсил олади. Маълум бўлишича, коллежнинг 16 ёшли ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолган. Қўқон шаҳар прокуратураси аноним сўроқ ўтказган. Шунда бошқа қизлар ҳам жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани ҳақида ёзиб беришган.

«Шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15−20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган. Барча ходимлардан тушунтириш хати олинган. Ҳозир гинекологлар ҳам ўқувчи қизларни текширувдан ўтказишмоқда. Уларнинг 80 фоизи зўрлаш қурбони бўлган бўлиши мумкин», — дейди агентлик суҳбатдоши.

Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг «номусга тегиш», «жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш», «ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш», «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш» сингари моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Коллеж директори давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; директорнинг ҳайдовчиси, коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси жинсий зўрвонликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Шу йилнинг апрелида Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган эди. Мазкур жиноят ишида судланувчилар мансаб совуққонлиги, мансаб ҳаракатсизлиги, жуда кўп миқдордаги давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, вояга етмаганларни қийнаш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, ҳатто жинсий алоқада бўлиш шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланган.