23 октябрь куни Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имомов Туркияда Миллий олимпия қўмитаси президенти, мамлакат камондан отиш федерацияси раҳбари Уғур Эрденер билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабарига таяниб маълум қилди.


Учрашув чоғида томонлар бир қатор муҳим масалалар бўйича келишувга эришишди. Унга кўра туркиялик мураббийлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, спортчиларимиз учун машғулотлар, маҳорат сабоқлари ташкил этадилар. Шунингдек, селекция масаласида ҳам мураббийларимизга яқиндан ёрдам берадилар. Ундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказадилар. Муҳим мусобақаларга айнан туркиялик спортчилар билан бирга тайёргарлик кўрадилар.


Август ойида МҚ президенти Умид Аҳмаджонов Туркияга сафари давомида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси Нажмиддин Билол Эрдоган билан учрашиб, ҳамкорликни кучайтириш, алоқаларни янада мустаҳкамлаш, камондан ўқ отиш спорт турига оид бир қатор масалаларни муҳокама қилган эди.