Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

15−17 октябрь кунлари ўтказилган мусобақада 34 давлатдан 123 та жамоа қатнашди.

«Кембрия патрули» мусобақаси 40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинади. Ушбу танлов дунё ҳарбий хизматчилари ичида ўтказиладиган энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан ҳам таққослашади. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига қаратилган.
Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 килограмм юк билан 70 километр масофани 1500 метр баландликка кўтарилиб, 1000 метр тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.

2017 йилда мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашган эди. Унда биринчи марта иштирок этган мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллаганди.

Иккинчи ўрин Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франция жамоаларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Буюк Британия ва Қозоғистондан келган жамоалар эгаллади.

Нуфузли мусобақада ғолиб бўлган ҳамюртлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида ғолибларни шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи Павел Эргашев, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, ғолиб жамоа ва уларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида «Кембрия патрули» танловининг ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов ғолиб жамоа аъзоларини қутлади ва ўтган йилларга нисбатан вазирлик қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотлари ҳам сифат, ҳам сон бўйича кўпайгани эвазига мана шундай ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.