18 октябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Кенг кичик» маҳалласида истиқомат қилиб келган 2 нафар фуқаро (эр-хотин) ис газидан заҳарланиб, ҳаётдан бевақт кўз юмди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.


Ушбу фожиага хонадон ертўласига ўрнатилган қўлбола (сертификатланмаган) сув иситиш анжоми сабаб бўлган. Мутахассислар хулосасига кўра, газда ишловчи сув иситиш анжомига дудбурон ўрнатилмагани ҳамда ертўлада ҳаво алмашиш туйнуги бўлмагани оқибатида, табиий газ чала ёнган ва ис гази ҳосил бўлган. Ертўлада тўпланган ис гази ётоқхонага сизиб чиққан ва хонадон эгаларининг ҳалокатли заҳарланишига олиб келган.


ФВВ фуқароларни кириб келаётган иситиш мавсумида газ ва бошқа муқобил ёқилғи турларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига амал қилишга чақирди. «Қўлбола ва сертификатланмаган иситиш анжомларидан фойдаланманг. Ис газидан заҳарланишдан ўзингиз ва яқинларингизни асранг», - дейилади хабарда.