Ерик Утембаев Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимидан вақтинча четлатилди. 22 октябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шу ҳақдаги фармонни имзолади.

Аввалроқ Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ушбу лавозимга 2016 йилнинг баҳорида тайинланган элчи ўта йирик миқдордаги бюджет маблағларини ўғирлаганликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

«Казинформ» ахборот агентлиги 16 октябрь куни Давлат хизматлари ва коорупцияга қарши кураш ишлари агентлиги расмий вакили Жанна Бастаровага таяниб, дипломат масъулиятли давлат лавозимини эгаллаган ҳолда Ўзбекистонда Қозоғистон Республикаси маъмурий биносини қуриш бўйича бажарилган ишлар бўйича сохта ҳужжатга имзо чекканини маълум қилган эди. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳаракатлардан етган зарар миқдори 140 млн тенгедан ортади.