Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон бадминтон федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов федерациянинг янги машғулот мажмуасида якунланган таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани Муқимий кўчасида жойлашган ушбу янги мажмуа яқин 10 кун ичида ташриф буюрувчилар учун ўз эшикларини очади. Таъмирлаш ишлари ҳомийлик маблағлари асосида амалга оширилди.

Мажмуа Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда спортни оммалаштириш бўйича берган кўрсатмасига асосан бунёд этилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти шу йилнинг 20 сентябрида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган ва унда мамлакат раҳбари томонидан спортни ривожлантириш, оммалаштириш бўйича бир қатор муҳим кўрсатмалар белгилаб берилганди.