6−18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Ўйинлар якунига кўра Ўзбекистон спортчилари томонидан умумий ҳисобда 16 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 5 таси олтин, 4 таси кумуш ва 7 та бронза медалларидир. Медаллар сифати бўйича 206 мамлакат ичида Ўзбекистон 13-ўринни эгаллади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бугун тунда ушбу мусобақада иштирок этган спортчилар Ўзбекистонга қайтиб келди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этиш лозимки, мазкур ўйинларда Ўзбекистон ўз рекордини янгилади. Таққослаш учун, тўрт йил олдин Нанкинда бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпия ўйинларида спортчилар 10 та медаль қўлга киритганди. Бу сафарги мусобақада 16 та медаль ўзбекистонлик спортчиларга насиб қилди.