«Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ устав капиталидаги давлат улуши SFI Management Group ишончли бошқарувига топширилди. Корхона матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 16 сентябрда шу ҳақдаги қарорни қабул қилди.

Қарор корпоратив менежментнинг илғор усулларини жорий этиш ҳисобига «Ўзиккиламчиранглиметалл» бошқарув тизимини такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадларида қабул қилинди, дейилади хабарда.

Ҳукуматнинг 15 октябрдаги қарори билан корхонанинг 2011 йилдан буён бошқариб келаётган «Ўзиккиламчиранглиметалл» бош директори Фарҳод Абдуллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинди. Констанин Акулов янги бош директор бўлди.

«Ўзиккиламчиранглиметалл» рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш, рангли металл қуймалари ва халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Марказий Осиёдаги ягона корхона ҳисобланади. Корхона бутун мамлакат бўйлаб тайёрлов ташкилотлари тармоғига эга.

SFI Management Group 2017 йил январида ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестицион жараёнларни бошқаришнинг замонавий халқаро стандартларини жорий этишга ихтисослашган.

Аввалроқ 2017 йилда SFI Management Group UMS Holding раҳбари Алишер Усмонов билан ҳамкорликда Ўзбекистон металлургия комбинати («Ўзметкомбинат») ишончли бошқарувини қўлга киритгани ҳақида хабар қилинган эди. Айни пайтда компания Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати ва Тошкент металлургия заводини ҳам бошқармоқда. Бундан ташқари, SFI Management Group «Пахтакор» футбол клубининг асосий эгаси ҳисобланиб, Ўзбекистондаги бошқа лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда.