Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ туманини 2017−2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳолиси бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар туғрисида"ги қарори асосида Муйноқ тумани ва Орол денгизи атрофида туристларни кенг жалб қилиш, шунингдек унинг узоқ ўтмишдаги тарихи, табиати ва ундаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, туман аҳолисининг урф-одатларини музей экспозицияси орқали кенг оммага етказиб бериш мақсадида «Ургенчтрансгаз» шўъба корхонаси томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм муқдорида маблағ ажратилиб, Муйноқ туманидаги музейнинг янги биноси қуриб битказилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги «2017−2018 йилларда давлат музейлари фаолияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чоралари дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги 975-сонли қарори билан Муйноқ тумани экология музейи кайта ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида очилди.

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 07/1−426-сонли баёни асосида «Орол балиқларидан 99 турли таом» ҳалқаро гастрономик фестивали доирасида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданити давлат музейининг Мўйноқ туманидаги «Экология музейи» филиалининг очилиш маъросими бўлиб ўтди.

Музейнинг кўргазма зали орқали ташриф буюрган томошабинлар Орол денгизининг ўтмиши ва бугинги хаёти хақида, флора ва фаунаси, Муйноқ туманида балиқчиликнинг ривожлангани, Балиқ консерва заводи фаолиятига оид фото лавҳалар, ранг тасвирчи рассомлар «Орол Куйчиси» деб танилган Ф.Ю.Мадгазин ва Р.Матевосян ижодига мансуб асарларни кўриши мумкин.

1984 йил Муйноқ тумани Учсой қишлоғида кичкина кўргазма ташкил қилинди. 1994 йил Муйноқ тумани маданият бўлими ёнида музей сифатида фаолият олиб боради. Дастлабки фаолиятини кўргазма сифатида бошлаган музей коллекциясида бугунги кунга келиб 300 дан ортик экспонат мавжуд.