Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Фарғона шаҳрида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар инновация маркази ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

олий таълим ва илмий муассасалар, тадбиркорлар ўртасида инновацион ғоялар ва лойиҳалар, технологияларнинг истиқболли турларини ишлаб чиқишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мувофиқлаштириш;

илмий ва лаборатория тадқиқотларини олиб бориш, ёшлар, олимлар ва ўқитувчиларни иқтисодиёт соҳалари ва корхоналарнинг илмий-техник муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш;

коворкинг-марказда ёшлар, олимлар ва тадбиркорларга маслаҳат, молиявий, бухгалтерия, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатиш, ахборот коммуникация воситалари ва Интернет тармоғига кириш билан таъминлаш.