Чилонзор туманидаги саноат зонасида Golden Corn Тошкент крахмал-патока заводи ишга туширилди. Унинг очилиш маросимида пойтахт ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.

Мазкур корхона Ўзбекистонда крахмал кукуни, патока, мальтоза ва мальтодекстирин ишлаб чиқарувчи биринчи завод бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий маккажўхори бошоқли дон экинидан фойдаланилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4,6 млн АҚШ долларини, шундан Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки кредит линияси ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредит маблағлари, Хитой давлатидан сотиб олинган ускуналар қийматида 2 млн долларини ва компания ўз маблағлари эвазига улуши, яъни амалга оширилган қурилиш ишлар шаклида 2,6 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Заводнинг қуввати кунига 80 тонна хом-ашёдан крахмал кукуни, патока, мальтоза ва мальтодекстирин ишлаб чиқарилишига мўлжалланган. Лойиҳа ўртача йиллик 19,2 минг тонна ёки 9,6 млн доллар миқдорида маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Завод фаолияти натижасида асосий маҳсулотлардан ташқари қорамолчилик ва чорвачилик учун ем (маккажўхори қобиғи) ҳамда товуқчилик ва балиқчилик учун омухта ем (глутен) ва биоқўшимча маҳсулотлари, ёғ-мой комбинатлари учун иккиламчи хомашё тури (жерм) ишлаб чиқарилади.