Ўзбeкистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм унивeрситeти филиали ташкил этилади, дея хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йилнинг 21 октябр куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ректори Михайлова Тамара Викторовна бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари бўйича тренерлар тайёрлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиали ташкил этилади. Шунингдек, ўзбек спортчи ва тренерларига университетнинг Россиядаги қишки спорт турларига ихтисослашган базаларда шуғулланиш имконияти яратилади.

Тадбирда сўз олган вазир Дилмурод Набиев президент томонидан Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши кутилаётганлигини ва ушбу режаларни ҳаётга татбиқ этишда барча имкониятларга ишга солинишини маълум қилди.

Тамара Михайлова университетнинг янги ташкил этиладиган филиали ҳақида шундай деди: «Мазкур филиал университетимизнинг хорижда ташкил этилаётган биринчи филиали бўлади. Унинг ташкил этилиши нафақат Ўзбекистон балки барча Марказий Осиё давлатлари ёшларининг таълим олишига қулайлик яратади. Дастлаб бир неча йўналишда ташкил этиладиган филиал йўналишлари йилдан-йилга кенгайтириб борилади. Биз муассасанинг самарали фаолият юритиши учун малакали мутахассисларимизни жалб этамиз».