Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон президентлари шанба куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариағач шаҳрида норасмий учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари юзасидан Нурсултон Назарбоев билан учрашиш учун қўшни мамлакатга етиб борди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбарлари учрашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги долзарб масалаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиянинг МДҲ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқалари, шунингдек кун тартибидаги устувор минтақавий ва халқаро масалалар кўриб чиқилди.