Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети ректори Сергей Бакулев учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дилмурод Набиев чет эллик меҳмон билан спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари, спорт менежменти, психологияси бўйича тренерлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилди. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда қўшма диплом бериладиган факультет ва Ўзбекистонда П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университетининг филиалини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, турли спорт турлари бўйича етакчи тренерлар ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг профессор ўқитувчилари иштирок этишди.

Учрашув якунида Сергей Евгеневич Бакулевга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Илмий Кенгаши қарори асосида «Фахрий профессор» унвони берилди.

Кун давоми Россиялик меҳмон пойтахтдаги бир қатор спорт иншоотлари ва таълим муассасалари фаолияти, юртимизда спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан таништирилди.