Gazprom International компанияси ва Ўзбекистон Қорақалпоғистондаги Жел газ конини қазиб олиш лойиҳаси бўйича Маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги битимни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабар берди.

Битимнинг амал қилиш муддати — 25 йил. «Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикасининг Маҳсулотни тақсимлаш битимида иштирокидан даромад олиш, янги иш ўринларини яратиш, минерал-хом ашё базасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, Устюрт минтақаси конларини геологик ўрганиш, дунёнинг нефть соҳасидаги энг яхши тажрибасига асосланган технологияларни ривожлантириш, илғор тажриба алмашиш, мутахассисларни ўқитиш режалаштирилмоқда», — дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.

Жел кони 2009 йилда Шохпахта инвестицион блоки чегараларида очилган эди. У Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги Устюрт платосида жойлашган. Кон захираси 6,4 млрд куб метр газ ва 76 минг тонна газ конденсатидан иборат.