Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров «Газета.uz"га Facebook ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube видеохостингига киришдаги узилишларнинг эҳтимолий сабабларини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, техник узилишлар ташқи интернет канали сиғимини ошириш учун янги ускуналарнинг ўрнатилаётгани сабабли юзага келаётган бўлиши мумкин. АКТ вазирлиги лойиҳани ноябрь охирига қадар якунлашни режалаштирмоқда.

«Биз ташқи интернет каналини ошириш (10 баробарга — таҳр.)бўйича лойиҳани якунлаймиз. Ўйлайманки, ноябрь охиригача фуқароларимиз самарасини ҳис этишади… Ҳозирда зарур апгрейд учун бутун бошли янги ускуналарни сотиб олмоқдамиз. Техник узилишлар тест ўтказиш, апробация, [ускуналарни] созлаш ишлари сабабли юзага келган бўлиши мумкин», — деди Олимжон Умаров 18 октябрь куни Россия ва Ўзбекистон Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми майдончасида.

«Халқаро интернет каналларига чиқишни таъминловчи телекоммуникация инфратузилмаларини модернизация қилиш талаб этилмоқда. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, олдимизда янада ўсиш вазифаси турибди. Биз рақамли иқтисодиёт, унинг асосий ресурси — рақамли маълумотларни муҳокама қилдик. Агарда муносиб телекоммуникация инфратузилмалари, юқори тезликдаги интернет бўлмаса, ушбу барча қайта ўзгартишларнинг сариқ чақалик аҳамияти қолмайди — буларнинг барчаси қоғозларда қолади», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистонда октябрь ойи бошидан YouTube видеохостингига киришда муаммолар юзага кела бошлади. Унга қадар Facebook ижтимоий тармоғига уланишда қийинчиликлар кузатилган эди. «ВКонтакте» фойдаланувчиларида эса бир ойча муқаддам медиаконтентни очиш ва томоша қилишда муаммоларга учрамоқда.