Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин 19 октябрь куни Тошкентда видеоконференцалоқа орқали рамзий тугмани босиб, Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини бошлаб берди.Фото: «Ўзбекистон 24» канали.

Жиззах вилоятида бўлғуси АЭС қурилиш майдонларидан бирида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султонов ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ҳозир бўлди.

Фото: «Ўзатом» агентлиги.

«Сизнинг топшириғингизга кўра, ҳурматли Шавкат Миромонович, сейсмология, геология ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликни ўрганиш учун бир нечта майдонча ажратиб олинди. Ҳозирда биз шулардан бирида турибмиз ва қидирув ишларини ўрганишга киришишга тайёрмиз», — деди Алишер Султонов.

«Биз ўзбек дўстларимиз билан майдончани танлаш бўйича қидирув ишларига киришишга тайёрмиз. Бу ерда энг асосий омил — хавфсизлик ҳамда барча халқаро меъёрлар ва МАГАТЭ қоидаларига тўлиқ мувофиқлик», — дея қайд этди Алексей Лихачев.

Икки давлат раҳбарлари рамзий тугмани босиб, асосий номзод майдончалардан бирининг тупроқ намуналарини олиш учун бурғилаш ишларини бошлаб беришди.

Фото: «Ўзатом» агентлиги.

Даставвал АЭС қурилиши учун энг мақбул майдонча сифатида Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл яқини танлаб олинган эди. Бироқ кейинроқ майдонча Жиззах ва Навоий вилоятлари чегарасида Айдаркўл кўли яқинидаги ҳудуд билан алмаштирилди.

Фото: «Ўзбекистон 24» канали.

7 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Ўзбекистон ҳудудида АЭС қурилишида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни ҳужжатни тасдиқлади.