Тошкентда душанба куни кузатилган ғайриоддий лойли ёмғирга кучли шамол кўтарган чанг бўрони сабаб бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ қошидаги Гидрометеорология хизмати маркази «Газета.uz"га.

"15 октябрь куни кечқурун совуқ ҳаво оқими кириб келиши билан шамол тезлиги 12−14 м/с га қадар кучайди ва чанг бўрони бошланиб, кўриш 1800−2000 м гача ёмонлашди. Бундай ҳодиса ҳатто кучлироқ шавол эсганда ҳам кузатилмаган эди", — дея маълум қилди Ўзгидромет.

«Сўнгги вақтларда Тошкентда фаоллик билан олиб борилаётган қурилиш ишлари бу қадар жадалликдаги чангли бўроннинг вужудга келишига сабаб бўлди. Кўплаб туманларда янги уйлар, кўприклар қурилмоқда, янги йўллар ётқизилиб, эскилари таъмирланмоқда. Тупроқ ишлари натижасида қуруқ ер участкалари пайдо бўлиб, қум, чанг шамол ҳатто 10−12 м/с тезликда эсганда ҳам ҳавога кўтарилмоқда», — дея изоҳ берди Ўзгидромет.

Марказнинг маълум қилишича, Тошкентда чанг бўронлари жуда кам содир бўлади. Асосан бир йилда бир-икки марта, баъзида уч-тўрт марта чангли бўронлар кузатилади. Одатда улар йилнинг иссиқ вақтларида — баҳор ва ёзда қайд этилади. Кўриш масофаси 3−5 км гача қадар ёмонлашади.