Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси спорт муассасалари фаолияти, куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, 2018 йилда қурилиб фойдаланишга топшириладиган спорт объектларида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш, улар ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишлари билан танишди. Жойларда аҳоли, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 12 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019-йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тизимдаги барча спорт муассасаларига аниқ вазифалар белгиланди.

Мавсумга тайёргарлик ишлари вазирлик ҳамда ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва корхоналар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда спорт иншоотларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижроси доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Вазирлик тизимидаги спорт таълим муассасаларида иссиқлик меъёрида бўлишини таъминлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида 807,5 метр квадрат яроқсиз ҳолга келиб қолган дераза ойналари алмаштирилди, электр тизими билан боғлиқ камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди, 258 метр узунликдаги иссиқлик тармоғи изоляцияланди, 1941 тонна кўмир, 700,7 тонна брикет ёқилғиси билан таъминланди.

Спорт таълими муассасаларини 2018−2019-йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича барча ҳудудий ҳокимликлар томонидан 4,1 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3,2 млрд. сўм молиялаштирилган.

Республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган ўрганиш жараёнида спорт таълим муассасаларида мавжуд 1089 та иситиш қозонидан 57 тасининг яроқсизлиги ва 116 та иситиш қозонига эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Йўл қўйилган камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ва лойиҳа ташкилотчиларига қатъий вазифалар белгилаб берилди.