Россия Ўзбекистонга миллий космик алоқа тизимини яратишда ёрдам беришга тайёр. «Роскосмос» давлат корпорациясининг Қозоғистондаги вакили Анатолий Красников пайшанба куни Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форумида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида биргаликда сунъий йўлдошни учириш бўйича уч томонлама ҳамкорлик лойиҳасини тақдим этди.

KazSat-2R аппарати 2023 йилда KazSat-2 билан алмаштирилиши лозим. У телерадиоэшиттиришлар, телефония, маълумотларни етказиш, VSAT тармоқларини яратиш, мультимедиа ва ҳаракатланувчи алоқа хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.

«Роскосмос» маълумотларига кўра, унинг хизмат кўрсатиш зонаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Россиянинг марказий қисми ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳудудларини тўлиқ олиши кутилмоқда.

«Биз Ўзбекистон космик соҳасининг ривожланишига туртки бериш учун ўзимизнинг орбитал-частота ресурсларимиз, кредит ресурсларимиз, ишланмалар, космик аппаратларни ишлаб чиқариш, кадрларни ўқитиш ва технологияларни трансфер қилишни таклиф қиламиз», — деди «Роскосмос» вакили.

Қозоғистон томони Ўзбекистон ўзининг қисмига эга бўлиши учун сунъий йўлдош ресурслари ва фойдали юкламанинг бир қисмини тақдим этади. Ўзбекистон томонидан инвестицияларни қайтаришни таъминлаш ҳамда «хоҳиш, келишиш, масаланинг муҳимлигини тушуниш» талаб қилинади, дея таъкидлади Анатолий Красников.