Европа инвестиция банки Ўзбекистонга дастлабки қарзларини (заём) ажратди, дея хабар қилди Евроиттифоқнинг мамлакатдаги Делегацияси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

100 млн евро ЕИнинг Иқлим ва атроф-муҳит соҳасида ҳаракатлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб ташлаш соҳасидаги лойиҳаларга йўналтирилади.

Мазкур операциянинг Ўзбекистонга ташқи сув ресурсларига юқори қарамлик ва ичимлик суви етишмовчилигини бартараф этишига ёрдам бериши кутилмоқда. Хабарда қайд этилганидек, мамлакатда ишлатилаётган сувнинг 80 фоизга яқини қўшни давлатлар кириб келади.

Яна 100 млн евро кичик ва ўрта корхоналар, ўртача капиталлашган компаниялар ва хусусий сектор корхоналари энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилади.

ЕИБ қарзлари ҳукуматнинг 2030 йилгача мамлакатда технологик жараёнларда энергия истеъмоли даражасини энг камида 50 фоизгача камайтириш бўйича мақсадларига эришишига хизмат қилади. Саноат секторида, қайд этилишича, ушбу соҳадаги вазиятни яхшилаш учун салмоқли салоҳият мавжуд.

Ҳар икки лойиҳа Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ҳамда Европа комиссияси томонидан бошқарилаётган Марказий Осиё мамлакатлари уун Инвестицион жамғарма томонидан техник жиҳатдан қўллаб-қувватланади.