Қрим ярим оролидаги Керчи шаҳрида жойлашган коллежда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда НИА Новости Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Портлаш натижасида 10 киши ҳалок бўлди, яна 50 га яқин киши жароҳатланди. 20 киши ўрта оғирликдаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.

Ҳодиса жойида тез тиббий ёрдам бригадалари, ФВҚ мутахассислари ва ФСБ ходимлари иш олиб бормоқда. Қўмита тезкор штаби такрорий портлашлар олдини олиш мақсадида хизматлар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, портлаш сабабларидан бири сифатида теракт ҳам кўриб чиқилмоқда.

Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатди.