«Тошшаҳартрансхизмат» АЖда Германиянинг «Mercedes-Benz» компанияси менежери Макс Киршенхофер билан учрашув ўтказилди. Унда «Mercedes-Benz» русумли автобусларнинг техник ҳолати, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлар сифатини ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, учрашувда 2012−2013 йилларда ишлаб чиқарилган автобусларга ва ҳаракат таркибини янгилашга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Сўнгги пайтда жамоат транспорти, хусусан автобуслар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар жамоатчилик ўртасидаги муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боис, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан 2008−2009 йилларда ишлаб чиқарилган «Mercedes-Benz» русумли автобусларни чуқурлаштирилган тартибда техник кўрикдан ўтказиш чора-тадбирлари кўрилди. Аниқланган носозликлар бартараф этилиб, соз ҳолга келтирилган автобуслар йўналишларга чиқарилмоқда.