Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда белгиланганидек, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

2019 йил 1 январдан бошлаб Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг 19 фоизи;

халқаро ва хорижий молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Ўз навбатида жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харид қилиш;

тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этиш;

тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига устамалар, мукофот пуллари ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш;

тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.

Шунингдек, Тез тиббий ёрдам хизматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан молиялаштиришнинг амалдаги тартиби ва ҳажмлари сақлаб қолинади.

Жамғарманинг маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайъати қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.