Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида G-2 туркумига курувчи «President's CUP» халқаро рейтинг мусобақаси якунланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Йигитлар ўртасидаги баҳсларда Жасурбек Жайсунов (-68 кг) барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

Қизлар ўртасидаги беллашувларда -55 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мадина Мирабзалова мусобақа финалига етиб борди ва кумуш медалга эга чиқди. Осиё ўйинлари совриндори, -49 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Мадина Маннопова эса мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, таэквондочилар Токио 2020 Олимпия ўйинлари лицензияси учун рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақани 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллари билан якунлади.