Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида Жавоҳир Синдоров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, президентнинг қимматли совғасини қўлга киритганди.

Ўтган бир йил ичида Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йил июнь ойида «Воронеж опен-2018» халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди.

Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Корякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи — энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлаб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, бу юксак унвонга шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 13, жаҳон чемпионлари Роберт Фишер 15, Владимир Крамник 16, Гарри Каспаров 17, Анатолий Карпов, Вишанатан Ананд 19, Михаил Таль 21, Тигран Петросян 23, Василий Смислов 29, Михаил Ботвинник 39 ёшида сазовор бўлган.