Бухоро вилоятида кичик саноат зоналари давлат мулкининг ва давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида ташкил этилади. Президентнинг 2018 йил 11 октябрдаги қарорида ана шулар назарда тутилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Ташкил этиладиган КСЗлар сони, умумий ҳудуди ва жойлашган жойи ҳужжатга иловалар эълон қилингандан сўнг маълум бўлади.

Ягона КСЗ дирекцияси ташкил этилади. КСЗ иштирокчиларига инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорлар Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади.

КСЗ дирекцияси ва иштирокчиларига 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар белгиланган энг кам миқдордан (эгаллаб турган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг уч баравар суммасидан) кам бўлмаган миқдорда ЯСТ тўлаш бўйича талаб татбиқ этилмайди.

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади. Ижарга олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади.

Тадбиркор бизнес режаларни, иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолиш мажбуриятларини бажарган, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаган тақдирда ижарага олган мол-мулки унга мулк қилиб берилади.

2 ой муддатда Бухоро вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хом ашё, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда КСЗ ҳудудида тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар — «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.

Маълумот учун: кичик саноат зонаси — муайян ер участкасини, айрим ҳолларда — муҳандислик-техник коммуникациялар билан таъминланган ишлаб чиқариш майдонларини ўз ичига олган ҳудуд.

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 12.10.2018 йилдан кучга кирди.