Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида ўтказилган III Параосиё ўйинлари иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар Жанубий Корея орқали Ўзбекистонга қайтиб келди. Спортчилар Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Маросимида Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида бош вазир ўринбосари сўзга чиқар экан, қайд этилган юксак натижа, кўрсатилган жасорат учун ҳукумат номидан миннатдорчилик билдирди. Ушбу ютуқлар замирида улкан меҳнат ётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Миран Сахатов, Розахон Қўзиева каби спортчилар, параатлетларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди. Спортчилар навбатдаги мусобақаларда бунданда юксак натижаларни қайд этишга ваъда беришди.

Шундан сўнг тантаналар Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида давом эттирилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди ва қўлга киритилган ютуқлар билан паралимпиячиларни табриклади. Сўнгра йиғилганлар учун байрамона дастурхон ёзилди.

Эслатиб ўтамиз, ортда қолган Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар томонидан 77 та медаль, жумладан 35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза медаллари қўлга киритилди. Бу орқали Ўзбекистон Параосиё ўйинларида медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам ўз рекордини янгилади.