16 октябрь куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Термизда мамлакатга амалий ташриф билан келган Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Насир Аҳмад Андиша билан учрашди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбатда олий даражадаги Ўзбекистон — Афғонистон учрашувлари доирасида эришилган келишувларни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари ҳамда икки томон кун тартибининг жорий масалалари муҳокама қилинди, минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашилди.

Насир Аҳмад Андиша Афғонистон раҳбарияти номидан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида кўрсатилаётган кўмак ҳамда Термиз шаҳридаги Афғонистон Бош консулхонасини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилиб берилгани учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорчилик изҳор этди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ва Афғонистон делегациялари вилоят марказида Афғонистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.