Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан Ўзбекистонда шу йилнинг 18−19 октябрь кунлари биринчи маротаба «Ўзбекистон-Россия таълим форуми» ўтказилмоқда. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда икки давлат президентлари администрациялари, ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини Таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.

Форумда икки давлат ОТМлари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишади.

«Ўзбекистон-Россия таълим форуми» якунлари бўйича:

— Ўзбекистонда Россиянинг нуфузли ОТМлари филиалларини ташкил этиш;

— академик тайёргарлик бўйича ҳамкорликни кенгайтириш;

— биргаликда илмий ва инновацион форумларни ўтказиш;

— илмий-тадқиқот бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;

— қўшма тадбирларни ўтказиш;

— олий таълим муассасалари ўртасида ахборот алмашинувини ўрнатиш;

— ҳамкорликни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.