Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси сони 1 октябрь ҳолатига қарийб 2,5 млн кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 33 минг кишига ёки 1,3 фоизга ўсган, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси.

Пойтахтда аҳолининг табиий ўсиши 2017 йилдаги 19,9 минг кишидан 22,1 минг кишига қадар ўсди.

Тўққиз ой давомида 34 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 1000 аҳолига нисбатан 18,3 промиллени ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан 0,7 га (2017 йилнинг мос даврида — 17,6 промилле бўлган) ўсди.

Январь-сентябрь ойларида 11,9 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, шундан 461 нафари 1 ёшгача вафот этган болалар сонига тўғри келмоқда. Ўлим коэффициенти 6,4 промиллени ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,3 га камайди (2017 йилнинг мос даврида — 6,7 промилле бўлган). Пойтахт аҳолисининг табиий ўсиши 22,1 минг кишини ташкил этиб, 2017 йилгнинг мос даврига нисбатан 2,2 минг кишига ўсиши (2017 йилнинг мос даврида 19,9 минг киши бўлган) кузатилди

ФҲДЁ органларида январь-сентябрь ойларида 14,4 мингта никоҳ ва 3,1 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилди. 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 7,7 промиллени ташкил қилиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 га ўсди (2017 йилнинг мос даврида — 7,5 промилле бўлган). Никоҳдан ажралиш коэффициенти 1000 аҳолига нисбатан 1,7 промиллени ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега (2017 йилнинг мос даврида 1,5 промилле бўлган) ўсган.