Самарқанд вилояти Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобононазаров туман аҳолисига мурожаат билан чиқиб, ажрашиш ва дабдабали тўйлар муаммоларини қайд этиб ўтди. Унинг мурожаати туман ҳокимиятининг «Қўшчинор» газетасида эълон қилинди.

Баҳодир Бобононазаров кўп сонли аёллар хорижга ишлаш учун кетаётгани, натижада ажрашишлар сони ортиб, болалар назоратсиз қолаётганини қайд этди.

«Баъзи ориятсиз эркаклар аёлларини четга ишлашга жўнатиб, ўзлари уй „соҳибаси“ бўлиб ўтиришибди. Тоғни урса талқон қилгулик кучга эга нотавонлар хотини юборадиган пулга кўз тикиб ўтиришибди. Айтинг, уларнинг оиласи олдидаги бурчи, ор-номуси, ғурури қаерда қолди?! Наҳотки, бундай тубанлик бизга ярашса?!» — дея савол билан мурожаат қилди у.

Ҳоким шундай давом этади: «Чет элда яшаб, ишлаб юрган опа-сингилларимиз, у ердаги енгил-елпи ҳаётга учиб, оиласидан, болаларидан воз кечиб кетиш ҳолатларини қандай изоҳлаймиз? Хонадоннинг фариштаси бўлишга муносиб оналаримизнинг бешикдаги эмизикли гўдагини ташлаб, бойлик излаб юриши фожиа эмасми? Бунинг натижасида оилавий ажримлар сони ортиб, хонадонлар бекасиз, фарзандлар қаровсиз қолмоқда».

Ҳоким томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, икки ой давомида Тойлоқ туманида эр-хотин ўртасидаги ажримлар сони 181 тага етган. Шунингдек, ҳозирги кунда 4650 нафар хотин-қизларимиз ишлаш мақсадидакетган бўлиб, шундан 1851 нафари Туркия давлатида, 1307 нафари Росси федерациясида, 230 нафари Исроилда, 195 нафари Корея мамлакатида, қолгани эса турли ўлкаларда.

«Турли сабабларга кўра пароканда бўлган оила фарзандларининг келажагини ким ўйлайди? Пушти камаридан бўлган зурёдларига тўғри тарбия бериш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг моддий таъминотини ўйламай, ризқини қияётган, алимент тўлашдан бош тортаётган кимсаларни қандай ота деб аташ мумкин?» — дея сўради ҳоким.

Баҳодир Бобоназаров аёлларни асраш ва эркак номига муносиб қолишга чақирди.

Ҳоким тўй-маъракалардаги ортиқча дабдабабозликларга ҳам эътибор қаратиб ўтди. «Оилавий низолар, ажримлар, қариндош-уруғ, қуда-андаларнинг юз кўрмас бўлишига олиб келаётган бу иллатнинг томир отишига маърака ва маросимларда янгича урф-одатларни жорий этиш, ортиқча сарпо-суруқлар қилиш, айниқса, бўлажак келинларимиз куёвнинг уйига қимматбаҳо мебелу, жиҳозлар билан бориши сабаб бўлмаяптими?! Бу ҳолат эр-йигитларимизнинг иззат-нафсига тегмаяптими? Ота-онасига „Мана бунақа мебелни олиб берасиз“ деб, нархи осмондагисини кўрсатаётган қизларимизнинг ҳаёси қаерда қолди?! Наҳотки, улар ўша биз билган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Тўмарис авлоди бўлса?! Қачон бу ҳақда ўйлаб кўрамиз?! Қачонгача мисқоллаб йиққан маблағимизни бир кунлик ҳою ҳавас учун шамолга совурамиз? Кибру ҳаво, манманлик касаллигидан қачон халос бўламиз?!»