27 сентябрь куни Қаршида «Бахтли оила» тўйхонаси учун уй шароитида майонезли салатлар тайёрлаб, 90 кишининг овқатдан заҳарланишига сабаб бўлган эркак прокуратура ходимига пора бераётганда ушланди.

М.Шукуров овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғамаслиги ва жавобгарликка тортмаслиги учун Қарши прокурорига пора таклиф қилган, дея хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz"га.

М.Шукуров 13 октябрь куни 13:15 да прокурор Ш. Нажмиевнинг хизмат хонасида 500 доллар миқдорида пора бераётганида қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 211-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тўйхонага ташриф буюрганлар саломатлигининг ёмонлашувига М.Шукуровнинг уйида санитария меъёрларига амал қилинмасдан тайёрланган «Французча» ва «Смак» салатлари истеъмоли сабаб бўлган.