Давлат солиқ қўмитаси тасарруфидаги Тошкент солиқ коллежининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва ўқувчилари учун Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.

Унда коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари учун мамлакатимизнинг бошқарув соҳасида кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан академия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Шу билан бирга, коллеж жамоасига президентнинг бошқарув тизимига ёш, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, халқаро андозаларга жавоб берадиган, кучли бошқарув маданиятига эга кадрлар тайёрлаш юзасидан академия олдига қўйилган вазифалар хусусида маълумот берилди.

Тошкент солиқ коллежи профессор-ўқитувчилари ва ўқувчилари академиянинг ўқув хоналари, ахборот-ресурс маркази, спорт заллари ва бу ерда таҳсил олаётган бўлажак раҳбар кадрларга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди. Учрашув қизғин савол-жавобларга бой ўтди ва ташриф буюрган педагог ўқитувчилар ва ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.