Аризачи Р. Облоқуловнинг ишончли вакили Ў. Абдураҳмонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судга мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят аризаси берган. Р. Облоқулов ўз аризасида 1995 йилнинг 13 ноябрида нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасига асосан Са­мар­қанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси 97-уйдаги хонадонлардан бирини фуқаро С. Эшпўлатовдан сотиб олганини баён қилган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят маъмурий судининг раиси Ботирали Диёров «Газета.uz"га маълум қилди.

Гап шундаки, Р. Облақулов шартномани ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаган. Оқибатда С. Эшпўлатов 2014 йилда кадастр ҳужжатлари йўқолганлигини асос қилиб, эски олди-сотди шартномасига асосан уй-жойни ўз номига расмийлаштирган. Р. Облақулов эса, ўтган ўн етти йилдан ортиқ вақт мобайнида ушбу уй-жойда оила аъзолари билан яшаб келган.

Шикоят аризасида С. Эшпўлатов уй-жойни давлат рўйхатидан ўз номига ўтказган вақтда кадастр ходимлари уй-жойни бориб кўрмасдан расмийлаштирганини важ қилиб кўрсатган. Агар улар жойига бориб кўрганларида уй-жой бошқа фуқарога сотилганини билиб, С. Эшпўлатовга кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бермаслигини баён қилган.

Аризачи ишончли вакилининг мурожаатида яна маълум қилинишича, С. Эшпўлатов кадастр ҳужжатларини ноқонуний равишда расмийлаштиргандан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига Р. Облақуловни уй-жойдан чиқариш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд 2017 йил 19 майдаги ҳал қилув қарори билан С. Эшпўлатов ва Р. Облақулов ўртасида 1995 йил 13 ноябрь куни расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини ҳақи­қий эмас, деб топган ҳамда Р. Облақулов уй-жойдан чиқарилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 27 июндаги ажрими билан биринчи босқич судининг мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 9 октябрдаги ажрими билан апелляция ҳамда биринчи босқич судларининг ажрими ва ҳал қилув қарорлари бекор қилинган. Иш янгидан кўриш учун биринчи босқич судига юборилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 4 декабрдаги ажрими билан даъвогар С. Эшпўлатовни жавобгар Р. Облақуловга нисбатан уй-жойдан чиқариш ҳақидаги асосий ва олди-сотди шарт­номасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қўшимча даъво аризалари юзасидан юритилган фуқаролик иши кўрмасдан қолдирилган.

Хуллас, аризачининг ишончли вакили Ў. Абдураҳмонов ўзининг шикоят аризасида ҳамда суд мажлисида сўралганида, С. Эшпўлатов ва Р. Облақулов ўртасида 1995 йил 13 ноябрда нотариал идора томонидан расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини Самарқанд вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати зиммасига юклатишни сўради.

Самарқанд шаҳар маъмурий суди шу йил 17 майдаги очиқ суд мажлисида ишни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, аризачи Р. Облақуловнинг ишончли вакили Ў. Абдураҳмоновнинг шикоят аризасини қаноатлантиришни лозим, деб топди.

Негаки, судда аниқланишича, Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси 97-уйдаги хонадон 1994 йил 2 декабрдаги нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномага асосан С. Эшпўлатовга тегишли бўлиб, унинг номига давлат рўйхатидан ўтказилган. С. Эшпўлатов 1995 йил 13 ноябрда ушбу хонадонни Р. Облақуловга 4 525 сўмга сотган. Бу шартнома нотариал ҳаракатлар китобида тегишли тартибда қайд этилган.

Фуқаро С. Эшпўлатов ушбу хонадонни қонуний тартибда сотган, уни сотиб олган Р. Облақулов эса, оила аъзолари билан кўп йиллар давомида бу ерда яшаб келаётган бўлса, у ҳолда ўртада қандай низо келиб чиқиши мумкин, деган савол туғилиши табиий.

Низонинг келиб чиқишига ойдинлик киритадиган бўл­сак, Р. Облақулов ўзи сотиб олган хонадоннинг нотариал тартибда тузилган олди-сотди шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун «Ермулккадастр» давлат корхонасига топширмаган.

«Кадастр ҳужжатлари қў­лимда, уй меники», деб хато ўйлаган ва бепарво юраверган. Эътиборсизлик, бепарволик, лоқайдлик эса, киши бошига фақат ташвиш олиб келади, холос.

Бинобарин, С. Эшпўлатов хонадоннинг кадастр ҳужжатларини йўқотиб қўйганлигини маълум қилиб, «Ермулккадастр» давлат корхонасига 1994 йил 2 декабрдаги олди-сотди шартномасини тақдим этган. Кўп қаватли уй-жойлар, аёнки, ўзгармайди. Вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонаси мутахассиси шу боис жойга бормасдан, архив ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўша хонадоннинг кадастр ҳужжатлари тўпламини тайёрлаган. Натижада Р. Облақулов сотиб олган хонадон С. Эшпў­латов номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Аризачининг ишончли вакили Ў. Абдураҳмонов низоли хонадонга нисбатан кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, олди-сотди шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига ёзма мурожаат қилган. У ердаги мутахассислар бунинг имкони йўқлигини айтишган.

Чунки С. Эшпўлатов билан Р. Облақулов ўртасида 1995 йил 13 ноябрда нотариал идора томонидан расмийлаштирилган 5−6422-сонли олди-сотди шартномасини давлат рўйхатига олиш учун С. Эшпўлатов номига 1994 йил 2 декабрда расмийлаштирилган 5−7113-сонли олди-сотди шартномасини бекор қилишга тўғри келади. Бу иш фақат суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Энди оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни адолатли кўриб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда маъмурий судлар таянадиган қонун асосларига эътиборингизни қаратамиз.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ко­декс­нинг 184-моддаси 2-қисмига кўра, маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар, агар уларни кўриб чиқиш қонун билан бошқа давлат органларининг ваколатига киритилмаган бўлса, судда кўриб чиқилади.

Шу ўринда ушбу кодекснинг 189-моддаси 2 ва 5-қисм­лари моҳиятига эътибор қаратиш лозим. Уларга кўра, суд шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар ё ҳаракатсизлик қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳам­да аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қў­риқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни ё ҳаракатсизликни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Шундай қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик эса, қонунга хилоф деб топилга тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш, ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига, агар суд томонидан бошқача муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиниши каби бир қатор мажбуриятларни юклайди.

Яна юқоридаги воқеа тафсилотига қайтамиз. Биринчи бос­қич суди қонун талаблари ҳамда иш ҳолатларига таяниб, аниқ, қонуний ва асосли тўхтамга келди. Аризачи Р. Облақуловнинг ишончли вакили Ў. Абдураҳмоновни мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят аризасини қаноатлантириш тўғрисида қарор чиқарди.

Р. Облақулов номига Са­марқ­анд шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчаси 97-уйдаги тегишли хонадонга нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда С. Эш­пў­латов билан Р. Облақулов ўртасида 1995 йил 13 ноябрда тузилган олди-сотди шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси зиммасига юклатилди.

Шунингдек, суд қонун талабларидан келиб чиқиб, вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси зиммасига ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини юклади. Суднинг ҳал қилув қарори билан вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан давлат фойдасига 172 минг 240 сўм миқдорида давлат божи ундирилди.